Аввалги сайт     

Медиа-режа тақдимоти юзасидан матбуот анжумани ташкил этилди

04 March 2019

Ўзбекистон мудофаасига кўмаклашувчи “Ватанпарвар” ташкилоти Марказий кенгаши томонидан 2019 йилнинг 4 март куни Миллий матбуот марказида “Республика оммавий ахборот воситалари орқали спортнинг техник ва амалий турларини оммалаштиришни кенг ёритиш бўйича” Медиа-режа тақдимоти юзасидан матбуот анжумани ташкил этилди.

 

Тадбирда “Ватанпарвар” ташкилоти Марказий кенгаши ходимлари, ҳамкор вазирлик, ташкилотлар ва оммавий ахборот воситалари вакиллари ҳамда спортнинг техник ва амалий турлари бўйича фаолият юритаётган спортчилар иштирок этди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 12 декабрдаги “Ёшларни ватанпарварлик руҳида ва жисмоний тарбиялаш ҳамда чақирилувчиларни ҳарбий-техник мутахассисликлар бўйича тайёрлаш тартибини такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПҚ-4061-сонли Қарорининг 16-банди ижросини таъминлаш мақсадида Ўзбекистон мудофаасига кўмаклашувчи “Ватанпарвар” ташкилоти Марказий кенгаши, Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги, Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси ҳамда Ўзбекистон Республикаси Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги ўртасида “Республика оммавий ахборот воситалари орқали спортнинг техник ва амалий турларини оммалаштиришни кенг ёритиш бўйича медиа-режа” имзоланди ҳамда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланди.

Медиа-режа 36 банддан иборат бўлиб, спортнинг техник ва амалий турларини кенг жамоатчилик айниқса, ёшлар ўртасида тарғиб қилиш ҳамда соғлом турмуш тарзини оммалаштиришга хизмат қилади.

Матбуот анжуманида сўзга чиқган масъул ходимлар Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 12 декабрдаги “Ёшларни ватанпарварлик руҳида ва жисмоний тарбиялаш ҳамда чақирилувчиларни ҳарбий-техник мутахассисликлар бўйича тайёрлаш тартибини такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПҚ-4061-сонли Қарорида белгиланган устувор вакзифалар, шунингдек, Қарор ижросини таъминлаш мақсадида тайёрланган медиа-режадан кўзланган мақсад ва унинг мазмун-моҳияти ҳақида маълумот бериб ўтдилар.

Шунингдек, тадбир доирасида спортнинг техник ва амалий турларига кирувчи картинг, автокросс, авторалли, мотокросс, триатлон, дуатлон, ҳарбий амалий кўпкураш, ёзги биатлон, ўқ отиш, авиамодель, ракетамодель, кемамодель спорти каби спорт турлари ҳақида ҳам маълумот берилди ҳамда ушбу спорт турлари бўйича Жаҳон, Осиё ва Ўзбекистон чемпионлари бўлган спортчиларнинг эришган ютуқлари акс этган фото кўргазма намойиш этилди.

“Ватанпарвар” ташкилоти фаолиятининг асосий йўналишларидан бири спортнинг техник ва амалий турларини ривожлантириш ҳамда оммалаштириш бўлиб, фуқаролар ва вояга етмаган ёшлар ўртасида спортнинг техник ва амалий турларини тарғиб қилиш ва оммавийлигини ошириш ишларини ташкил этмоқда, турли даражадаги спорт мусобақаларини ўтказиш, спортчиларнинг халқаро мусобақаларда иштирок этишини таъминламоқда.

Ҳозирги кунда “Ватанпарвар” ташкилоти томонидан картинг, автокросс, авторалли, автомобиль халқа пойгалари, автомобиль кўпкураши, мотокросс, триатлон, дуатлон, ҳарбий амалий кўпкураш, ёзги биатлон, ўқ отиш, авиамодель, ракетамодель, кемамодель спорти,  қисқа ва ултрақисқа телефон ҳамда телеграф орқали радиоалоқа каби техник ва амалий спорт турлари оммалаштирилмоқда.

We use cookies to improve our website. Cookies used for the essential operation of this site have already been set. For more information visit our Cookie policy. I accept cookies from this site. Agree