Аввалги сайт     

“Биз ватанпарварлармиз” шиори остида маънавий-маърифий, спорт ва маданий тадбири ўтказилди

10 October 2018

Ўзбекистон мудофаасига кўмаклашувчи “Ватанпарвар” ташкилоти Марказий кенгаши, ташкилотнинг Фарғона вилоят кенгаши томонидан Шарқий ҳарбий округ ва Фарғона вилоят ҳокимлиги билан ҳамкорликда 2018 йил 10 октябрь куни Фарғона шаҳридаги “Темурбеклар мактаби”да “Биз ватанпарварлармиз” шиори остида маънавий-маърифий, спорт ва маданий тадбири ўтказилди.

 

Тадбир Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 4 августдаги “Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари ҳарбий хизматчиларининг маънавий-маърифий савиясини ошириш тизимини тубдан такомиллаштириш тўғрисида”ги  ПҚ-3898-сонли қарори ҳамда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 23 февралдаги 140-сонли қарори билан тасдиқланган “Ёшларни ҳарбий-ватанпарварлик руҳида тарбиялаш концепцияси”нинг ижросини таъминлаш мақсадида яратилган “Ёшларнинг ҳарбий-ватанпарварлик тарбияси (назарий ва амалий асослари)” номли қўлланманинг тақдимотини ўтказиш ҳамда ёшлар айниқса, “Темурбеклар мактаби” тарбияланувчилари ўртасида ўтказилаётган ҳарбий ватанпарварлик тарғиботи тадбирлари самарадорлиги янада ошириш ва қамровини кенгайтириш, шунингдек, спортнинг техник ва амалий турлари орқали ёшлар ўртасида соғлом турмуш тарзини тарғиб этиш мақсадида ташкил этилди.

Тадбир аввалида “Ватанпарвар” ташкилоти Фарғона вилоят кенгаши томонидан спортнинг техник ва амалий турларининг кўргазмаси ва ташкилот тизимида шуғулланаётган спортчиларининг кўргазмали чиқишлари, шунингдек, Шарқий ҳарбий округ томонидан замонавий қурол-аслаҳа ва техникаларнинг намойиши ташкил этилди. Кўргазма тадбир иштирокчилари айниқса, ёшларда катта таассурот қолдирди.

Тадбирда “Ватанпарвар” ташкилоти Марказий кенгаши ва Фарғона вилят кенгаши ходимлари, Шарқий ҳарбий округ масъул ходимлари, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари, Фарғона вилоят ҳокимлиги масъул ходилари, вилоят Мудофаа ишлари бўлими ходимлари, “Темурбеклар мактаби” ўқувчилари, “Ватанпарвар” ташкилоти Фарғона вилоят Бирлашган техника мактаби курсатлари, спортчилар, ҳамкор вазирлик, ташкилотлар ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.

Ўзбекистон мудофаасига кўмаклашувчи “Ватанпарвар” ташкилоти Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучларининг мудофаа қудратини мустаҳкамлашга кўмаклашиш, ёшлар ва фуқароларни меҳнатга ва Ватанни ҳимоя қилишга тайёрлаш, ўз ташкилоти тизими орқали тегишли давлат органлари, жамоат ва нодавлат нотижорат ташкилотларига ёшлар ва фуқаролар ўртасида Ватанни ҳимоя қилиш ҳақидаги ғояларни тарғиб этиш, ёшларни ҳарбий-ватанпарварлик руҳида тарбиялаш ишларида кўмаклашиш, фуқаролар ва вояга етмаган ёшлар ўртасида спортнинг техник ва амалий турларини тарғиб қилиш ва оммавийлигини ошириш, турли даражадаги спорт мусобақаларини ўтказиш, спортчиларнинг халқаро мусобақаларда иштирок этишини таъминлаш, шунингдек, қонун ҳужжатларида назарда тутилган тартибда автотранспорт воситалари ҳайдовчиларини ва бошқа оммавий касблар турлари мутахассисларини тайёрлаш (қайта тайёрлаш) тизимини ташкил этиш мақсадида ўз фаолиятини амалга ошириб келмоқда.

Ташкилотнинг энг асосий фаолият йўналишларидан бири ёшлар ва фуқароларни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш ишларини ташкил этиш мақсадида “Ватанпарвар” ташкилоти давлат, нодавлат ва жамоат ташкилотлари билан ҳамкорликда мамлакатимиз фуқаролари жумладан, ёшларда ватанпарварлик, Ватанга мухаббат туйғуларини, мамлакат суверенитети ва мустақиллигини ҳимоя қилишдек юксак туйғуларни шакллантиришга қаратилган турли маънавий-маърифий тадбирлар, ёшлар фестиваллари ва танловлар ташкил этиб келмоқда.

Зеро, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев таъкидлаганларидек, “Ҳар қандай давлат сиёсатининг асосини ватанпарварлик тарбияси ташкил этади”. 

“Биз ватанпарварлармиз” шиори остида ўтказилган маънавий-маърифий, спорт ва маданий тадбири доирасида “Ёшларнинг ҳарбий-ватанпарварлик тарбияси (назарий ва амалий асослари)” номли кўлланма тақдимоти ўтказилди.

“Ватанпарвар” ташкилоти Марказий кенгаши ҳамда Кадрлар малакасини ошириш ва қайта тайёрлаш марказида М.Умаров ва С.Усмоновлар томонидан тайёрланган қўлланма ушбу ишларнинг амалий давоми бўлиб, келажакада амалга ошириладиган ҳарбий-ватанпарварлик тадбирларини ташкил этишда назарий ва амалий асос вазифасини бажаради.

“Ёшларнинг ҳарбий-ватанпарварлик тарбияси (назарий ва амалий асослари)” номли китоб “Ватанпарвар” ташкилоти тасарруфидаги Кадрлар малакасини ошириш ва қайта тайёрлаш маркази томонидан тайёрланди.

Тадбир давомида кўлланма муаллифларидан бири бўлган “Ватанпарвар” ташкилоти Марказий кенгаши раисининг Маънавият, ҳарбий-ватанпарварлик тарғиботи ва ташкилий-оммавий ишлар бўйича ўринбосари, Кадрлар малакасини ошириш ва қайта тайёрлаш маркази директори М.Умаров китоб яратилиш зарурати, унга сабаб бўлган омиллар ва унинг мазмун моҳияти акс этган тақдимотини ўтказди.

Ҳарбий-ватанпарварлик тарбияси умумий тарбиянинг таркибий қисми бўлиб, ёшларда ватанни фидокорона ҳимоя қилишга тайёрлик ва унга қодирликни шакллантиришга йўналтирилган. Унинг маънавий-маърифий ва назарий асоси ватанни ҳимоя қилиш тўғрисидаги замонавий тегишли илм-фан соҳаларининг хулосалари, халқимизнинг ватан ва уни ҳимоя қилиш ҳақидаги тарихий ва замонавий амалий тажрибаси, илмий мероси ҳамда мазкур масала билан боғлиқ умуминсоний қадриятлар ва замонавий талаблар ҳисобланиши ушбу қўлланмада келтириб ўтилган.

Қўлланма ўзбек тилида чоп этилди ва рус тилида нашрга тайёрланди ҳамда ташкилотнинг Қорақалпоғисчтон  Республикаси, вилоятлар, Тошкент шаҳар кенгаши ва туман (шаҳар) кенгашларига фаолиятнинг назарий асоси ҳамда амалий қўлланма сифатида тақдим этилди.

Тақдимотдан сўнг иштирокчилар ўртасида спорт мусобақаси ташкил этилди. Иштирокчилар спортнинг ўқ отиш, турникка тортилиш, 100 мерт масофага югуриш ва арқон тортиш турлари бўйича ўзаро беллашди. Ғолиб ва совриндорлар “Ватанпарвар” ташкилоти Фарғона вилоят кенгаши томонидан диплом ва эсдалик совғалар билан тақдирланди.

“Биз ватанпарварлармиз” шиори остидаги маънавий-маърифий, спорт ва маданий тадбири Хоразм ва Самарқанд вилояти ҳамда Тошкент шаҳридаги “Темурбеклар мактаби”да ҳам ташкил этилиши режалаштирилмоқда.

We use cookies to improve our website. Cookies used for the essential operation of this site have already been set. For more information visit our Cookie policy. I accept cookies from this site. Agree