Аввалги сайт     

Хизмат бурчини бажариш чоғида ҳалок бўлган ҳарбий хизматчи хотираси ёдга олинди

09 August 2018

“Ватанпарвар” ташкилоти Самарқанд бирлашган техника мактаби томонидан мамлакатимиз мустақиллигининг 27 йиллиги муносабати билан “Азиз ва ягонамсан, жонажон Ўзбекистоним!” шиори остида тадбирлар ташкил этилмоқда. Ўтказилаётган тадбирлар доирасида Самарқанд бирлашган техника мактаби ходимлари Ф.Хамидов, Ф.Хасанов, Ш.Дўстмуҳамеддовлар Самарқанд шаҳридаги Ҳамид Олимжон кўчасида истиқомат қилувчи хизмат бурчини бажариш чоғида ҳалок бўлган ҳарбий хизматчи, “Жасорат” медали ва II даражали “Шон-шараф” ордени билан мукофотланган лейтенант Садинов Сайёрнинг оиласи ҳолидан хабар олинди. Мустақиллик байрами олдидан Сайёр Садиновнинг порлоқ хотираси ёдга олинди.

 

“Душман тўдаларини йўқ қилишда ўғлим Сайёр қўл остидаги жангчиларга намуна кўрсатиб жангга кирди, автоматдан ўқ узиб икки жангарини ер тишлатди, қоя томон қўл гранатасини улоқтирди ва жангчиларга йўл очиб олдинга интилди. Жанг давомида Сайёр жароҳатланди. Шунда ҳам жасур командир жанговар ҳаракатдан тўхтамай, ўз ортидан қўл остидаги бўлинмани эргаштирди. Душман яксон этилди. Жангда олган оғир жароҳати натижасида 2000 йилда лейтенант Сайёр Садинов қаҳрамонларча ҳалок бўлди. Мен ўғлимдан фахрланаман” деб хотирлайди унинг онаси Р.Садинова.

Қисқа, лекин мазмунли умри давомида лейтенант Сайёр Саидович Садинов ўзбек халқининг муносиб ўғли, юрт фарзанди деган номни оқлади. Маҳалладошлари айтганидек, “Бир йигит минг йигитнинг ишини қилиб кетди”.

Тадбир сўнгида лейтенант Сайёр Садиновнинг оиласи ва онаси Р.Садиновага “Ватанпарвар” ташкилоти томонидан миннатдорчилик билдирилди ҳамда эсдалик совғалари тақдим этилди.

We use cookies to improve our website. Cookies used for the essential operation of this site have already been set. For more information visit our Cookie policy. I accept cookies from this site. Agree