Аввалги сайт     

Самарқандда “Мардлик, бурч ва садоқат” шиори остида автокарвон юриши ташкил этилди

16 May 2018

Ўзбекистон мудофаасига кўмаклашувчи “Ватанпарвар” ташкилоти Самарқанд вилоят кенгаши ташаббуси билан “Хотира ва қадрлаш” кунига бағишлаб, Самарқанд шаҳрининг марказий кўчалари бўйлаб “Мардлик, бурч ва садоқат” шиори остида автокарвон юриши ташкил этилди.

 

Тадбир давомида Самарқанд шаҳар кўчаларини тўлдириб автокарвон йўлга чиқди. Фашизм устидан қозонилган ғалабанинг 73 йиллиги муносабати билан “Ватанпарвар” ташкилоти Самарқанд вилоят кенгаши томонидан ташкил этилган флешмоб кўринишидаги лойиҳада “Ватанпарвар” ташкилотининг ҳарбий юк автомобиллари, ўқув автомобиллари, мотоцикллар, вилоят ИИБ ЙҲХБ хизмат автомобиллари, Тез тиббий ёрдам автомобили ҳаракатланиб, уларда “Ватанпарвар” ташкилоти спортчилари, уруш давридаги ҳарбий либослардаги ёшлар, ҳарбий оркестр жамоаси, вилоят ИИБ ЙҲХБ ходимлари, вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси вакиллари, вилоят кенгаши ходимлари, вилоят кенгаши тизимидаги ташкилотлар раҳбарлари фаол иштирок этишди.

Тадбир давомида Иккинчи жаҳон уришида фашизм устидан қозонилган ғалабанинг ҳарорати шаҳарнинг марказий кўчалари бўйлаб йўл олган автокарвонда мужассам бўлди. Иккинчи жаҳон уруши давридаги ҳарбий автомобиллар, “Ватанпарвар” ташкилоти Самарқанд вилоят кенгашининг авто-мототехникалари, ўша давр муҳитини намоён этувчи ҳарбий либослар, энг асосийси, буюк ғалабани тараннум этувчи куй-қўшиқлар, буларнинг барчаси бир дақиқага бўлса ҳам, ҳар бир самарқандликни ва шаҳримиз меҳмонларини ҳаёлан 1945 йилги зафарлар томон етаклаган бўлса ажаб эмас.

Ҳар бир автомобилга ўрнатилган Ўзбекистон Республикаси байроғининг ҳилпираши юртдошларимиз қалбида фахр-ифтихор туйғуларини уйғотди. Бундай вақтларда қалбда ғурур, кўзда қувонч ёшлари намоён бўлади. Чунки урушнинг совуқ, мудҳиш дамлари тугаб ғалаба нашидаси кезганда, унга ўз ҳиссасини қўшган боболаримиз қалбларида ҳам айнан шундай ғурур хисси туғён урган.

Ғалаба тароватини таратаётган ушбу автокарвон шаҳарнинг марказий кўчалари бўйлаб ҳаракатланар экан, ҳар бир юртдошларимиз унинг олдидан бефарқ ўта олмади. Ушбу тарихий воқеаларнинг ҳар бир дақиқаю сонияси ҳамшаҳарларимиз мобил телефонлари камераси орқали тасвирга олди. Ғалабани тараннум этувчи қўшиқларга кўчадан ўтаётган мактаб ўқувчилари ҳам жўр бўлишди. Ҳар бир самарқандликларнинг юзида табассум. Халқимизнинг қадр-қиммати, ор-номусини, тинч-осойишта ҳаётини ҳимоя қилиб, фашизмга қарши машаққатли курашда букилмас ирода ва жасорат кўрсатган ва бугунги тинч ҳаётимиз учун ўз жонини фидо қилган ўзбек аскарларини ҳам халқимиз ҳеч қачон унутмайди.

We use cookies to improve our website. Cookies used for the essential operation of this site have already been set. For more information visit our Cookie policy. I accept cookies from this site. Agree