Мазкур тадбирда Тошкент вилояти Бекобод туман ўқув спорт техника клуби бошлиғи Ф.Дехқонов, бошлиқ ўринбосари М.Қаюмова, ташкилот меҳнат жамоаси ҳамда ташкилот ўқув гуруҳларида таҳсил олаётган ўқувчилар, ташкилот томонидан оталиққа олинган вояга етмаган ёшлар, ҳарбий қисм командири подполковник Қ.Очилов, ҳарбий қисм ҳарбийлари иштирок этишди. Тадбирни Тошкент вилояти Бекобод туман ўқув спорт техника клуби бошлиғи Ф.Дехқонов Қуролли Кучларимизда юксак маънавий фазилатларни камол топтириш, ўсиб келаётган ёш авлодни бой маданий меросимиз, тарихий анъаналаримизга, умуминсоний қадриятларга ҳурмат, Ватанга муҳаббат, ватанпарварлик ва истиқлол ғояларига садоқат руҳида тарбиялаш “Ватанпарвар” ташкилотида амалга оширилаётган ислоҳотларнинг ажралмас қисми эканлигини таъкидлаган ҳолда очиб берди.
Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучларининг ташкил этилиши тарихини ўрганишларига шароит яратиш ҳамда ҳарбийлик касби ҳақида маълумот бериш мақсадида ҳарбий қисм командири подполковник Қ.Очилов сўзга чиқди ва армиянинг куч-қудратини тўла намоён этиш учун аввало ҳарбийларимиз, аскар ва офицерларимиз – Ватан ва халқ ўз хавфсизлигини ишониб топширган мард ўғлонларимизнинг маънавий-маърифий тарбиясига алоҳида эътибор қаратиш энг долзарб вазифа эканлигини таъкидлаб ўтди. Тадбир иштирокчилари Ватанимиз сарҳадларини қўриқлаётган ҳарбийлар билан мулоқотда бўлишди ва ҳарбийлар томонидан кўргазмали қуроллар, ҳарбий қисм моддий негизи ҳамда ҳарбий қисмда маънавий ҳордиқ чиқариш учун яратилган барча шарт-шароитлар билан таништирилди.
Тадбир сўнггида ёшлар ҳарбийларнинг ҳаёт тарзи ва улар олдидаги маъсулиятли бурч ва вазифалари тўғрисида тасаввурга эга бўлдилар.