Тадбир бошида “Ватанпарвар” ташкилоти Шайхонтоҳур ЎСТКнинг маъсул ходими сўзга чиқиб, ташкилотнинг асосий мақсадлари бўлган Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари мудофаа қудратини мустаҳкамлашга кўмаклашиш, ёшларни меҳнатга ва Ватанни ҳимоя қилишга тайёрлаш, ташкилот тизимида Ватанни ҳимоя қилиш ҳақидаги ғояларни тарғиб этиш ва ёшларни ҳарбий-ватанпарварлик руҳида тарбиялаш, спортнинг техник ва амалий турларини ривожлантириш ва оммалаштириш борасида ташкилот томонидан амалга оширилаётган ишлар бўйича қисқача маълумот бериш билан бир қаторда, ёшларни бўш вақтларини мазмунли ва самарали ўтказишлари учун турли спорт тўгаракларига ва спорт секцияларига қатнашишлари, ёшига ва қизиқишига қараб турли китоблар ўқиш орқали соғлом ва маънавий етукликка эришиш кераклиги, давлатимиз раҳбарияти томонидан ёшларга яратилаётган кенг шароит ва имкониятлардан оқилона фойдаланиш зарурлиги тўғрисида тўхталди. Ўз навбатида “Баркамол авлод” Республика болалар техник ижодиёт маркази маъсул ходимлари техник ижодиёт марказида бугунги кунда техник ижодкорлик, бадиий ижодиёт ва экология йўналишида авиамодел, карвинг, бошланғич техник моделлаштириш, ёш дастурчи, дурадгорлик, кулолчилик, компьютер сабоқлари, тасвирий санъат, ёш қандолатчи, тўқиш, бичиш-тикиш, мунчоқли безак, инглиз тили, рус тили, либослар дизайни, миллий рақс, ёш доирачи, ёш қандолатчи, шахмат каби жами 25 га яқин тўгараклар фаолият кўрсатаётганлиги, ёшлар ўзи қизиққан тўгаракларга келиб бўш вақтларини мазмунли ўтказишларига барча шароитлар яратилганлиги айтиб ўтилди.
Тадбир давомида вояга етмаган ёшларда модел спорт турлари бўйича керакли тушунчалар хосил қилиш ва уларни мазкур спорт турларига жалб этиш мақсадида, улар ўртасида авиамодель спорт турининг бошланғич синфлари бўйича спорт мусобақаси ўтказилди. “Баркамол авлод” Республика болалар техник ижодиёт маркази қошидаги тўгаракларда шуғулланаётган ёшлар томонидан саҳналаштирилган қўшиқлар, рақслар ва кўргазмали чиқишлар тадбир иштирокчиларида катта таассурот қолдирди. Вояга етмаган ёшлар ўзларига маъқул бўлган тўгараклар ва спорт секциялари бўйича керакли маълумотлар олишди.