Аввалги сайт     

Тошкент бирлашган техника мактабида янги ўқув йилининг очилиш маросими бўлиб ўтди

11 Сентябрь 2017

Ўзбекистон Республикаси Президентининг Фуқароларнинг Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучларига муддатли ҳарбий хизматни ўташ шарт-шароитларини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисидаги  Фармойишига асосан Тошкент бирлашган техника мактабида туман мудофаа ишлар бўлимлари  билан ҳамкорликда 2-оқимда ўқитиш учун режада белгиланган миқдорда ҳайдовчи-электрик ва радиотелефонист мутахассислиги бўйича курсантлар жамланиб, янги ўқув йилининг очилиш маросими тантанали равишда ўтказилди.

 

Тадбирда “Ватанпарвар” ташкилоти Тошкент шаҳар Кенгаши раиси  А.Максудов, Мудофаа ишлари бўйича Тошкент шаҳар бошқармаси бўлим бошлиғи подполковник И.Юсупов, Ўзбекистон Фахрийларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш “Нуроний” жамғармаси шаҳар бўлими маслаҳатчиси М.Усманов, “Подшобоғ” маҳалла раиси ўринбосари И.Хайитов, “Олмачи” маҳалла раиси ўринбосари Х.Шомуродов  ва маҳалла фаоли З.Махмирзаевлар иштирок этдилар. Тадбир Ўзбекистон Республикаси Мадҳияси билан тантанали равишда очилди.

Мактаб бошлиғи А.Жумаев, мактаб моддий негизи навбатдаги оқимга тайёрлиги тўғрисида йиғилиш қатнашчиларига ахборот берди. Тошкент шаҳар Кенгаш раиси А.Максудов ўзининг кириш сўзи билан барчани ушбу байрам билан табриклаб, мактабдаги яратилган барча шарт-шароит билим олиш ва келажакда ҳақиқий Ватан ҳимоячиси бўлиб етишишида ёрдам беришини, Мудофаага кўмаклашувчи “Ватанпарвар” ташкилоти Ўзбекистон фуқароларининг мустақил оммавий-ҳимоя, спорт-техник ва ватанпарварлик жамоат ташкилоти эканлигини, унинг асосий мақсади Ўзбекистон Республикасининг давлат хавфсизлигини, унинг Қуролли Кучлари мудофаа қудратини мустаҳкамлашга кўмаклашиш, кенг халқ оммаси, хусусан ёшларни меҳнатга ва Ватанни ҳимоя қилишга тайёрлаш эканлигини айтиб ўтди.

Сўзга чиққан Ўзбекистон Фахрийларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш “Нуроний” жамғармаси шаҳар бўлими маслаҳатчиси М.Усманов чақирилувчиларга энг эзгу тилаклар тилаб, мактабда тренажер заллари, замонавий кутубхона ва интернет мавжудлигини,  чақирилувчилар бўш вақтларида мазкур масканлардан, спорт секциялари ва тўгаракларидан фойдаланишларини, ўқиш учун барча шароитлар яратилганлигини ва мактабда ёшларни ҳарбий хизматга тайёрлашни комплекс тарзда амалга оширилишини айтиб ўтди.  

Ёшлар учун билдирилган тилак ва истаклардан руҳланиб, курсантлар номидан Нодир Хамзаев ва Алексей Кутеповлар сўзга чиқиб, ҳарбий техник мутахассисликларни мукаммал ўрганиб, мактабда яратилган барча шароитлардан - тренажер заллари, замонавий кутубхона, компьютер хона, техник ва амалий спорт турлари секцияларидан унумли фойдаланиб, Қуролли Кучлар сафида намунали хизмат қилишга, Ватан ҳимоячиси бўлиб етишишга ишонч билдирдилар.

Мазкур тилаклардан сўнг курсантларнинг машғулот хоналарига қараб тантанали юришлари ташкил этилди.

Ўтказилган тадбирдан асосий мақсад Ўзбекистон Қуролли Кучларида олиб борилаётган ислоҳотларни жойларда тушунтириш, ёшларни, айниқса ҳарбий хизматга чақирилувчи ёшдаги бўлган фуқароларни ватанпарварлик ва фидоийлик руҳида тарбиялаш, замонавий, ҳарбий анъаналарни тарғиб этиш ҳамда аҳолида Ватанга бўлган мухаббат ва ғурур хиссини янада оширишга қаратишдан иборат бўлди.

We use cookies to improve our website. Cookies used for the essential operation of this site have already been set. For more information visit our Cookie policy. I accept cookies from this site. Agree