Аввалги сайт     

9 май – Хотира ва қадрлаш куни муносабати билан “Уч авлод учрашуви” маънавий-маърифий тадбири ташкил этилди

04 Май 2017

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 4 апрелдаги ПҚ 2865-сонли қарорида белгиланган вазифалари ижросини таъминлаш мақсадида 2017 йил 3 май куни Ўзбекистон мудофаасига кўмаклашувчи “Ватанпарвар” ташкилоти Марказий кенгаши мажлислар залида 9 май – Хотира ва қадрлаш куни байрамига бағишлаб “Уч авлод учрашуви”  мавзусида давра суҳбати бўлиб ўтди.

Тадбирдан кўзланган асосий мақсад 9 май – Хотира ва қадрлаш куни умумхалқ байрами, шунингдек, фашизм устидан қозонилган ғалабанинг 72 йиллиги муносабати билан Ватанимиз озодлиги ва шаъну-шарафи ҳимоячиларига бағишлаб бутун мамлакатимиз бўйлаб ўтказилаётган учрашувлар ва маърифий, бадиий кечаларга ҳамоҳанг тарзда уруш қатнашчиларининг шонли ҳаёт йўлларини ёш авлодга яна бир ўрнак қилиб кўрсатишдан иборатдир.

 

Ўтккзилган “Уч авлод учрашуви” тадбири Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитаси, Ўзбекистон Фахрийларини ижтимоий қўллаб-қувватлаш “Нуроний” жамғармаси Марказий кенгаши, Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги ҳузуридаги Жамоатчилик кенгаши билан ташкил этилди.

 Тадбирнинг “Уч авлод учрашуви” деб номланишидаги мазкур уч авлоднинг биринчиси Иккинчи жаҳон уруши қатнашчилари, иккинчи авлод эса, мамлакатимизда олиб борилаётган ҳозирги кундаги бунёдкорлик ишларига хисса қўшаётган, ташкилотимиз тизимида фаолият олиб бораётган раҳбар ва ходимларни ўз ичига олади.

Учинчи авлод деганда эса, ҳозирда Ватанимизга хизмат қилиш йўлида билим ва тажриба орттираётган ёш авлодни назарда тутилади.

Тадбир давомида Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиси пойтахтимизнинг Олмазор туманидан ташриф буюрган Аппанов Аббос ота нафақат бир давлатга балки инсониятга раҳна солаётган фашизмдан Ватанимизни ҳимоя қилиш мақсадида босиб ўтган ўзларининг суронли йиллардаги таассуротлари, халқимизнинг қаҳрамонлиги ва фидокорона меҳнатлари ҳақида гапириб бердилар. Ўз сўзлари якунида Аббос ота ҳар бир инсон бугунги тинчлик замонни қадрига етиши ва уни асраб-авайлаши лозимлиги ҳақида таъкидлаб ўтдилар.

Ёшлар эса ўз ўрнида, боболарининг қаҳрамонлиги улар учун катта ҳаёт мактаби эканлиги, ушбу тинч осойишта кунларнинг қадрига етишлари лозимлиги ҳақида тенгдошларига мурожаат қилдилар.

Давра суҳбати давомида Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Р.Ҳақимов сўзга чиқиб, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, манфаатдор вазирлик ва идоралар, жамоат бирлашмалари ва ташкилотларнинг мустақил фикр юритадиган, маънавий бой, жисмонан тайёрланган, миллий ва умуминсоний қадриятларни ҳурмат қиладиган, халқимиз менталлитетига ёт бўлган зарарли таъсирлар ва оқимларга қарши тура оладиган шахсни шакллантириш борасидаги фаолиятини янада такомиллаштиришга қаратилган бир қатор таклиф ва тавсияларни баён этдилар. Фуқароларни ватанпарварлик руҳида тарбиялашга Ўзбекистон Республикасининг Қуролли Кучларининг фахрийларини, фан, маданият арбобларини, жамоат бирлашмаларининг вакилларини ва журналистларни фаол жалб этиш муҳимлигини ҳам таъкидлаб ўтдилар.

Давра суҳбати якунида уруш қатнашчиларига Ўзбекистон мудофаасига кўмаклашувчи “Ватанпарвар” ташкилотининг эсдалик совғалари топширилди.

Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутатлари, Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги ҳузуридаги Жамоатчилик кенгаши аъзолари, “Нуроний” жамғармаси Марказий кенгаши вакиллари, “Ватанпарвар” ташкилоти Марказий Кенгаши, Тошкент шаҳар ва вилоят Кенгашлари ҳамда Тошкент шаҳар ва унинг тасарруфидаги туман кенгашлари раҳбарлари, Малака ошириш маркази тингловчилари, Тошкент Бирлашган Техника мактаби курсантлари жами 100 нафарга яқин кишилар иштирок этдилар.

Бунга ўхшаш тадбирлар “Ватанпарвар” ташкилотининг барча ҳудудий бўлимлари ҳамда туман (шаҳар) кенгашлари томонидан ҳам ташкил этилмоқда.

We use cookies to improve our website. Cookies used for the essential operation of this site have already been set. For more information visit our Cookie policy. I accept cookies from this site. Agree