Аввалги сайт     

Пресс-релиз

06 Январь 2017

Ўзбекистон мудофаасига кўмаклашувчи “Ватанпарвар” ташкилоти томонидан Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2014 йил 6 февралдаги “Ўзбекистон Республикасида ёшларга оид давлат сиёсатини амалга оширишга қаратилган қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ-2124-сонли Қарори, “Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракати Васийлик Кенгашининг 2015 йил 10 декабрдаги 65-сонли мажлисида белгиланган вазифалар, шунингдек, “Ўзбекистон Республикасида 2016 йилда ёшларга оид давлат сиёсатини амалга оширишга қаратилган қўшимча чора-тадбирлар Дастури”нинг 57-банди ижросини таъминлаш мақсадида 2016 йилнинг 19-25 декабрь кунлари Республикамиз ёшлари ўртасида “Спортнинг техник ва амалий турлари ҳафталиги” ўтказилмоқда. Ҳафталик доирасида “Ватанпарвар” ташкилоти ҳудудий Кенгашлари томонидан мамлакатимизнинг барча ҳудудларида спортнинг техник ва амалий турлари ҳисобланадиган хона авиамодель, кордли авиамодель, пневматик милтиқдан ўқ отиш, картинг, мотокросс, кемамодель, ракетамодель каби спорт турлари бўйича мусобақалар, маҳорат дарслари, кўргазмалар ташкил этилмоқда.

“Ватанпарвар” ташкилоти ташаббуси ва ташкилотчилигида ўтказилган мазкур турнирдан кўзланган асосий мақсад ёшлар ўртасида соғлом турмуш тарзини кенг тарғиб этиш, уларни жисмоний тарбия ва спортга, шу жумладан, спортнинг техник ва амалий турларига кенг жалб этиш, спортнинг техник ва амалий турларининг оммавийлигини оширишдан иборатдир.

Шунингдек, ушбу спорт турлари бўйича мамлакатимиз шон-шуҳратини бутун дунёга танитган жаҳон, Осиё чемпионлари, Олимпиада ўйинлари иштирокчилари билан ёшлар учрашувлари ташкил этилмоқда.
Ушбу ҳафталикнинг якуни сифатида 24 декабрь куни Юнусобод туманидаги 2-сонли Болалар ва ўсмирлар спорт мактабида “Хона авиамодель спорти” бўйича Республика мусобақаларининг финал босқичи ҳамда 25 декабрь куни Ўзбекистон мудофаасига кўмаклашувчи “Ватанпарвар” ташкилотига қарашли Республика техник ва амалий спорт турлари марказида эса “Кордли авиамодель спорти” ва “Пневматик милтиқдан отиш спорти” бўйича Республика мусобақаларининг финал босқичи ўтказилди.
Мазкур мусобақаларнинг ҳудудий босқичлари 2016 йилнинг апрель-июнь ойларида ўтказилган эди.
Турнирларда Қорақалпоғистон Республикаси, Тошкент шаҳри ва барча вилоятлардан Республика ва халқаро турнирларда ғолиб ва совриндор бўлган 48 нафар кордли авиамоделчи, 45 нафар хона авиамоделчи ва 61 нафар пневматик милтиқдан ўқ отиш бўйича спортчилар иштирок этишди.
Учта мусобақанинг ўтказилган ҳудудий босқичларида жами 2000 нафардан ортиқ спортчи ёшлар, 10000 нафарга яқин ёшлар томошабин сифатида қатнашди. Томошабинлар мусобақа жараёнини кузатиш билан бир қаторда хона авиамодель, кордли авиамодель ва пневматик милтиқдан ўқ отиш бўйича мураббийлари ва спортчилардан мазкур спорт турлари ҳақида маълумотлар олишди, спортчилар ўз авиамоделларида кўргазмали учишлар ўтказишди, ҳаяжонли парвозларни кузатишди, мерганликда ўзларини синаб кўришди.
Турнир ўтадиган жойга мустақиллик йилларида қўлга киритилган ютуқлар, ёшларга яратилган кенг имкониятларни ўзида мужассам этган тарғибот баннерлари, рангли байроқлар, футболкалар, кепкалар тайёрланди. Ғолиб ва совриндорлар учун дипломлар ва эсдалик совғалари билан тақдирланди. Шунингдек, мусобақанинг 17 ёшдан кичик бўлган 5 нафар иштирокчисига Болалар спортини ривожлантириш жамғармаси томонидан болалар спорт анжомлари мажмуаси топширилди.
Тадбирда дастлаб мусобақа иштирокчилари ва Юнусобод туманидаги 17-саноат даҳаси аҳолиси, ёшлари иштирокида “Ўзбекистон Республикасида 2016 йилда ёшларга оид давлат сиёсатини амалга оширишга қаратилган қўшимча чора-тадбирлари тўғрисидаги Дастури” юзасидан давра суҳбати ўтказилди. Давра суҳбатида сўзга чиққан мусобақа иштирокчиларидан Мўминов Иззат, Зайниддинов Нуриддин каби спортчилар, шунингдек спорт мураббийлари мамлакатимизда мустақиллик туфайли эришган ютуқларимиз, ёшлар учун яратилган кенг имкониятлар ҳақида гапирдилар.

“Ватанпарвар” ташкилоти МК Матбуот хизмати
Маълумот учун телефон: 234-85-64

We use cookies to improve our website. Cookies used for the essential operation of this site have already been set. For more information visit our Cookie policy. I accept cookies from this site. Agree