Аввалги сайт     

Устав

20 Декабрь 2016

ЎЗБЕКИСТОН МУДОФААСИГА КЎМАКЛАШУВЧИ “ВАТАНПАРВАР” ТАШКИЛОТИ УСТАВ

I. Умумий қоидалар

1. Ўзбекистон мудофаасига кўмаклашувчи “Ватанпарвар” ташкилоти, бундан буён матнда Ташкилот деб аталувчи, уюшган фуқароларнинг оммавий-мудофаа, спорт-техник ва ватанпарварлик борасидаги умумий манфаатларини ҳимоя қилиш ва Ташкилотнинг уставда белгиланган мақсадларига эришиш учун биргаликдаги фаолият асосида ташкил этилган жамоат бирлашмаси ташкилий-ҳуқуқий шаклидаги нодавлат нотижорат ташкилоти ҳисобланади.

Ташкилотнинг тўлиқ номи ўзбек тилида:Ўзбекистон мудофаасига кўмаклашувчи “Ватанпарвар” ташкилоти.

Ташкилотнинг қисқартирилган номи ўзбек тилида:

“Ватанпарвар” ташкилоти.

Ташкилотнинг тўлиқ номи рус тилида: Организация содействия обороне Узбекистана «Ватанпарвар».

Ташкилотнинг қисқартирилган номи рус тилида:

Организация «Ватанпарвар».

2. Ташкилот нодавлат нотижорат ташкилоти ҳисобланади, фойда олишни ўзининг асосий мақсади қилиб олмаган ва олинган фойдани аъзолари ўртасида тақсимламайди.

3. Ташкилот Ўзбекистон Республикаси Конституцияси, Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодекси, “Нодавлат нотижорат ташкилотлари тўғрисида”ги Қонуни, “Ўзбекистон Республикасида жамоат бирлашмалари тўғрисида”ги Қонуни, “Умумий ҳарбий мажбурият ва ҳарбий хизмат тўғрисида”ги Қонуни, “Жисмоний тарбия ва спорт тўғрисида”ги Қонуни ва бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ҳамда ушбу Устав асосида фаолият кўрсатади.

4. Ташкилот фаолияти ихтиёрийлик, тенгҳуқуқлилик, ўзини ўзи бошқариш ва қонунийлик принципларига асосланади.

5. Ташкилот давлат рўйхатидан ўтказилган пайтдан эътиборан юридик шахс ҳисобланади, мулк ҳуқуқида алоҳида мол-мулкка эга бўлади ва ўз мажбуриятлари юзасидан ана шу мол-мулк билан жавоб беради, ўз номидан мулкий ва шахсий номулкий ҳуқуқларни олиши ҳамда амалга ошириши, зиммасига мажбуриятлар олиши, судда даъвогар ва жавобгар бўлиши мумкин.

Ташкилот мустақил балансга, ҳисоб-китоб варағи, тегишли банкларда ҳисоб рақамларга, шу жумладан, валюта ҳисоб рақамига, ўз номи ёзилган думалоқ муҳрга, штамплар ва бланкаларга эга бўлади.

6. Ташкилот белгиланган тартибда рўйхатга олинган рамзий белгиларига, шу жумладан, эмблемаси (тимсоли)га эга бўлиши мумкин.

7. Ташкилот ушбу Уставда назарда тутилган фаолиятни Қорақалпоғистон Республикаси, Тошкент шаҳри, вилоятлар, туман ҳамда шаҳарларнинг маъмурий ҳудудий чегаралари доирасидаЎзбекистон Республикаси ҳудудида амалга оширади.

8. Ташкилот ўз мажбуриятлари юзасидан ўзига тегишли барча мол-мулк билан жавоб беради. Ташкилот аъзолари Ташкилотнинг мажбурияти юзасидан жавоб бермайди, Ташкилот эса ўз аъзоларининг мажбуриятлари юзасидан жавоб бермайди.

9. Ташкилотнинг жойлашган ери (почта манзили): 100017, Тошкент шаҳри, Хуршид кўчаси, 86-а уй.

II. Ташкилотнинг мақсад ва вазифалари

10. Ўзбекистон мудофаасига кўмаклашувчи “Ватанпарвар” ташкилотининг мақсадиЎзбекистон Республикасининг Қуролли Кучлари мудофаа қудратини мустаҳкамлашга кўмаклашиш, ёшлар ва фуқароларни меҳнатга ва Ватанни ҳимоя қилишга тайёрлаш, ташкилот тизимида ёшлар ва фуқаролар ўртасида Ватанни ҳимоя қилиш ҳақидаги ғояларни тарғиб этиш ва ёшларни ҳарбий-ватанпарварлик руҳида тарбиялаш каби вазифаларни бажаришда давлат ташкилотларигакўмаклашишдан иборат.

11. Бу мақсадларга эришиш учун Ташкилотда:

- Устав мақсад ва вазифалари доирасидаги фаолият ҳокимликлар, давлат, жамоат ва нодавлат нотижорат ташкилотлари билан ҳамкорликда амалга оширилади;

- тизимдаги барча ташкилотларнинг ишида жамоавийлик, қарорлар қабул қилишда кўпчилик фикрига таянилишини ва топширилган иш учун ҳар бир ташкилот аъзосининг шахсий жавобгарлиги таъминланади;

- сайлаб қўйиладиган барча раҳбарлар ишида тўла ошкоралик, даврий равишда ўз кенгашлари олдида ва юқори кенгашларга ҳисобот бериши таъминланади;

- ташкилот ҳар бир аъзосининг шахсий фикрини инобатга олиш, аъзоларнинг қадр-қиммати, шунингдек, кўпчилик ва озчилик ҳуқуқларини ҳурмат қилиш, зарурат туғилганда эркин мунозаралар олиб бориш шароити яратилади;

- раҳбар органларнинг қарорлари (мазкур қарорлар уларнинг ҳуқуқлари доирасида қабул қилинган бўлса) қуйи ташкилотлар учун мажбурий ҳисобланади.

12. Ташкилот зиммасидаги мақсадларга эришиш учун қуйидаги вазифаларни амалга оширади:

- Қуролли Кучлар учун ҳарбий техника мутахассислари, халқ хўжалиги учун оммавий касб ходимларини тайёрлаш;

- мамлакатда спортнинг техник ва амалий турларини ривожлантириш ва оммалаштириш;

- ҳокимликлар, давлат, жамоат ва нодавлат нотижорат ташкилотлари билан ҳамкорликда ёшлар ва фуқароларни ватанпарварлик руҳида тарбиялашда иштирок этиш, турли ҳарбий-ватанпарварлик тадбирларини ташкил этиш;

- ташкилотнинг ўқув муассасаларида чақирилувчиларни ҳарбий -техник мутахассисликларга тайёрлаш бўйича таълим жараёнини йўлга қўйиш;

- фавқулодда ҳолатлар ва ҳарбий ҳаракатлар оқибатида жабр кўрганларга ёрдам беришда иштирок этиш;

- қонун ҳужжатларида кўзда тутилган тартибда автотранспорт воситалари ҳайдовчиларини тайёрлаш (қайта тайёрлаш) ва бошқа турдаги оммавий касбдаги ходимларни тайёрлаш фаолиятини ташкил этиш;

- қонунларда белгиланган тартибда тадбиркорлик тузилмаларини очиш, қайта ташкил этиш ва уларнинг фаолиятини тўхтатиш;

- ташкилот тузилмасининг ходимлар штат жадвалидаги иш жойларига ходимларни танлаш, ўқитиш, малакасини ошириш, норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга мувофиқ равишда тизимда меҳнат қилаётган ходимларни белгиланган муддатларда аттестациядан ўтказиш;

- спортнинг техник ва амалий турларини оммалаштириш максадида ёшларнинг қизиқувига қараб секциялар ва тўгараклар ташкил этиш;

- спортнинг техник ва амалий турлари бўйича спорт мусобақалари, кўргазмалар, танловлар ҳамда бошқа оммавий тадбирлар ўтказиш, спортчиларнинг халқаро мусобақаларда қатнашишини ташкил этиш;

- ташкилот фаолиятини такомиллаштириш ва соҳада жонбозлик кўрсатганларни рағбатлантириш мақсадида тизимда турли танловлар ўтказиш, меҳнатда ўрнак кўрсатган ходимларни рағбатлантириш, давлат мукофотларига тақдим этиш, молиявий имкониятлардан келиб чиққан ҳолда ҳомийлик ёрдамлари кўрсатиш;

- зарурат туғилган ҳолларда молиявий имкониятлардан келиб чиқиб, тизимдаги ташкилотларга молиявий ёрдам кўрсатиш;

- ташкилотда эришилган ютуқларни оммалаштириш, амалий ишлар натижаларини умумлаштириш, фаолиятни такомиллаштириш ва ташкилотни ривожлантиришнинг илмий асосланган йўналишларини фаолиятга тадбиқ этиш;

- оммавий ахборот воситалари орқали ташкилотнинг фаолияти ҳақида тарғибот ишларини олиб бориш.

III. Ташкилотнинг тузилмаси ва раҳбар органлари

13. Ташкилотнинг тузилмасини - ташкилот Марказий кенгаши, Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар, туман (шаҳар) кенгашлари ҳамда бошланғич ташкилотлари ташкил этади.

14. Конференция "Ватанпарвар" ташкилотининг олий раҳбар органи бўлиб, у қуйидаги масалаларни ҳал қилади:

- ташкилот Уставини қабул қилади, уни қайта кўриб чиқиб, қўшимча ва ўзгартиришлар киритади;

- ташкилот Марказий кенгаши аъзоларини ва Назорат-тафтиш комиссиясини ҳамда Марказий кенгаш раиси ва раис ўринбосарларини сайлайди;

- Ташкилот Марказий кенгашива Назорат-тафтиш комиссиясининг ҳисоботини тинглайди, ишига баҳо беради, фаолиятнинг асосий йуналишларини белгилайди,улар бўйича қарорлар қабул қилади ва бошқа муҳим масалаларни кўриб чиқади;

- ташкилот фаолиятини тўхтатиш, қайта ташкил этиш ва тугатиш тўғрисида қарор қабул қилади.

15. Конференция Марказий кенгаш Йиғилиши қарори билан беш йилда камида бир марта чақирилади. Зарурат туғилган тақдирда Марказий кенгаш Йиғилиши ёки ташкилотнинг ярмидан кам бўлмаган минтақавий кенгашлари қарорларига биноан, шунингдек, Марказий кенгаш Раёсати йиғилиши қарори билан ташкилотнинг навбатдан ташқари Конференцияси чақирилиши мумкин.

16. Конференцияни чақириш ва кун тартиби ҳақидаги қарор Конференциядан камида бир ой олдин эълон қилинади. Вакиллик меъёрлари ва Конференцияга делегатлар сайлаш тартиби Марказий кенгаш Йиғилиши томонидан ёки Марказий кенгаш Раёсати йиғилиши қарори билан белгиланади.

17. Марказий кенгаш Йиғилиши Ташкилот Конференциялари оралиғидаги фаолиятга раҳбарлик қилади ва қуйидагилар унинг ваколатига киради:

- ташкилотнинг йиллик фаолияти бўйича Марказий кенгаш раисининг ҳисоботини тинглаш ва у бўйича қарорлар қабул қилиш;

- ташкилот Марказий кенгашининг фаолияти билан боғлиқ ташкилий масалаларни, шу жумладан, ўз таркибига ташкилотда ишлаётган ходимлар, давлат, жамоат ташкилотлари вакилларини киритиш ёки чиқариш ҳамда зарур ҳолларда Марказий кенгаш раиси ва раис ўринбосарларини сайлаш масалаларини кўриб чиқиш.

18. Марказий кенгаш Йиғилиши зарурат туғилган тақдирда, аммо бир йилда камида бир марта чақирилади. Йиғилиш қарорлари кўпчилик овози билан қабул қилинади.

19. Марказий кенгаш Йиғилишлари оралиғида тизимдаги ташкилотларнинг фаолиятига раҳбарлик қилиш учун, Марказий кенгаш ўз таркибидан Марказий кенгаш раиси бошчилигида Раёсат аъзоларини сайлайди. Унинг аъзолари сонини Марказий кенгаш Йиғилиши белгилайди ва унинг таркибига лавозими юзасидан Марказий Кенгаш раиси ва унинг ўринбосарлари киради.

20. Раёсат йиғилишлари олти ойда камида бир марта ўтказилади. Раёсатнинг қарорлари кўпчилик овози билан қабул қилинади.

21. Ташкилот Марказий кенгашининг Раёсати:

- Ташкилот Конференцияси ва Марказий кенгаш Йиғилиши қарорларининг бажарилишини ташкил этади;

- қуйи бўғин кенгашларининг ахборот ҳамда ҳисоботларини тинглайди, қуйи тизим бошқарув органларига Марказий кенгаш номенклатурасига кирувчи раҳбар ходимлар номзодларини кўриб чиқади, улар хусусида тегишли кенгашларга таклиф ва тавсиялар беради;

- қонун ҳужжатларига биноан, ташкилотнинг қуйи бўғин ва минтақавий кенгашларига ҳамда ташкилотнинг Марказий кенгашига ажратиладиган маблағ меъёрларини ва уни сарфлаш тартибини белгилайди;

- ташкилотнинг давлат дастурлари асосида ишлаб чиқилган режаларини тасдиқлайди ва ижросини ташкил этади;

- тизимдаги ташкилотлар фаолиятининг асосий йўналишлари бўйича қарорлар қабул қилади;

- ташкилотда ўтказиладиган танловлар низомини тасдиқлайди ва танлов натижалари бўйича қарорлар қабул қилади;

- ташкилот ҳаётига тааллуқли турли ташкилий масалаларни кўриб чиқади ва Марказий кенгаш Йиғилишига таклифлар киритади;

- ташкилот фаолиятига оид, қонун ҳужжатларига зид бўлмаган бошқа масалаларни ҳам кўриб чиқади.

22. Ташкилий-ижро тарзидаги жорий ишлар бўйича тезкор қарорлар қабул қилиш мақсадида Марказий кенгаш Раёсати ўз таркибидан Раёсат ҳайъатини сайлайди.

23. Марказий кенгаш Раёсат ҳайъати Марказий кенгаш Раёсати йиғилишлари оралиғидаги даврда ташкилот фаолиятига оид масалаларни кўриб чиқиб, қарорлар қабул қилади.

24. Марказий кенгаш Раёсат ҳайъати қуйидаги масалаларни ҳал этади:

- давлат ва хўжалик бошқарув органларида, шунингдек бошқа жамоат, нодавлат-нотижорат ташкилотларида ташкилотнинг вакили сифатида турли масалаларни кўриб чиқиш;

- муҳокама қилинаётган масалалар бўйича Раёсат йиғилишини чақириш, ҳужжатларни тайёрлаш, Раёсат йиғилиши кун тартибига қўйиш, қабул қилинган қарорларнинг ижроси ва бажарилиши устидан назоратни ташкил қилиш;

- Марказий Кенгаш ва қуйи бўғин кенгашлар идоравий тузилмасини, ходимлар штат жадвалини тасдиқлаш, ўзгартиришлар киритиш;

- фуқароларнинг шикоят ва аризаларини текшириш натижалари бўйича қарорлар қабул қилиш;

- раҳбар ходимлар фаолияти билан боғлиқ интизомий масалаларни кўриб чиқиш;

- ташкилот ўқув муассасаларида Мудофаа вазирлигининг буюртмаси бўйича Қуролли Кучлар учун ҳарбий техник мутахассислар тайёрлашни ташкил этиш;

- тизимдаги ўқув муассасалар, ўқув спорт-техника ва спорт ташкилотларида автотранспорт воситалари ҳайдовчиларини тайёрлаш (қайта тайёрлаш) ва бошқа турдаги оммавий касбдаги ходимларни тайёрлаш таълими тизимини ҳамда аҳолига пуллик хизматлар кўрсатишни ташкил этиш, ижросини назоратга олиш, ходимлар малакасини оширишни ташкил этиш;

- ташкилот аъзоларини, ёшлар ва фуқароларни ватанпарварлик руҳида тарбиялашни йўлга қўйиш, улар ўртасида оммавий-ташкилий, тарғибот-ташвиқот ишларини олиб борилишини назорат этиш;

- оммавий ахборот воситалари, кўргазмали чиқишлар, хайрия тадбирлари орқали ташкилотнинг Ўзбекистон равнақига қўшаётган ҳиссасини оммалаштириш;

- тизимда самарали меҳнат қилаётган ходимларни Давлат мукофотлари, фахрий унвонлар ва ёрлиқларга тақдим этиш;

- Марказий кенгашнинг йиллик асосий тадбирлар режаси ва спортнинг техник ва амалий турлари бўйича мусобақалар тақвимий режасини ҳамда алоқадор вазирлик ва ташкилотлар билан ҳамкорлик режаларини муҳокама этиш ва тасдиқлаш;

- Марказий ва минтақавий кенгашлар ҳамда ўқув муассасалари тузилмасини, уларнинг марказлаштирилган бюджети, йиллик бухгалтерлик жамлама ҳисоботи ҳамда ташкилотнинг молиявий-хўжалик фаолияти балансини, асосий режа кўрсаткичлари ва меъёрларини тасдиқлаш ва уларнинг бажарилиши устидан назорат қилиш;

- тизимдаги кенгашлар, ўқув муассасалари, ўқув спорт-техника ва спорт ташкилотлари, бошқа хўжалик ҳисобидаги корхоналар ҳисобини олиб бориш, уларнинг фаолиятини мувофиқлаштириш;

- раҳбар ходимларни танлаш, улар хусусида тавсиялар бериш, ваколати доирасида давлат идоралари ва жамоат ташкилотлари билан амалий ҳамкорлик бўйича ташкилотнинг вакили сифатида иштирок этиш.

25. Раёсатга ва Раёсат ҳайъати ваколатига тааллуқли бўлмаган бошқа масалалар Марказий кенгаш раисининг ваколати доирасида бўлади ва қонунларда белгиланган тартибда ҳал этилади.

26. Марказий кенгаш раиси ташкилот Уставида белгиланган мақсад ва вазифалар, Марказий кенгаш Йиғилиши, унинг Раёсат ва Раёсат ҳайъати қарорлари ижросини ташкил этиш, ташкилот фаолиятини мувофиқлаштириш мақсадида қуйидагиларни амалга оширади:

- тизимдаги барча ташкилотлар фаолиятига умумий раҳбарлик қилиш;

- Конференция, Марказий Кенгаш Йиғилиши, Раёсат ва Раёсат ҳайъати йиғилишларини тайёрлашни ташкил этиш, ўтказиш ва қабул қилинган қарорлар ижросини таъминлаш;

- мақсадли, йиллик, ойлик режалар ишлаб чиқиш ва уларнинг амалга оширилишини ташкил этиш;

- идоравий назорат тартибида тегишли қонун ҳужжатлари ва норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ижросини назорат қилиш;

- Республика Адлия вазирлигига ва бошқа ваколатли давлат идораларига белгиланган муддатларда Ташкилот фаолияти юзасидан ахборот беришни ташкил этиш;

- Республика ва хорижий банкларда ташкилотнинг валюта ҳисоб рақамига эга бўлишини ташкил этиш;

- ташкилот фаолиятига доир барча меъёрий ҳужжатлар ва низомларни ишлаб чиқишни ташкил этиш;

- Марказий кенгаш Раёсати номидан давлат ва жамоат ташкилотлари билан ҳамкорликни амалга ошириш;

- тасдиқланган смета ва ҳужжатларга мувофиқ мулк ва пул маблағларини тасарруф этиш;

- Марказий кенгаш идоравий тузилмасига кадрларни танлаш ва жой-жойига қўйиш, лавозим вазифаларини тасдиқлаш, меҳнат шартномаларини тузиш ва бекор қилиш;

- юридик ва жисмоний шахслар билан қонунда белгиланган тартибда шартномалар тузиш ва ижросини ташкил этиш;

- халқаро алоқаларни ташкил этиш;

- ходимлар ва спортчиларни чет элларга хизмат сафарига жўнатиш тадбирларини амалга ошириш;

- фуқароларни қабул қилиш ва фуқароларнинг мурожаатлари билан ишлаш тадбирларини ташкил этиш;

- тизимдаги ташкилотлар фаолиятига доир буйруқ, кўрсатма ва талабномалар шаклида қарор қабул қилиш ҳамда бошқа масалаларни ҳал этиш.

27. Марказий кенгаш раиси зиммасидаги вазифаларни бажариш мақсадида Марказий кенгаш идоравий тузилмасини ташкил этади.
 

IV. Ташкилотнинг Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар, туман (шаҳар) кенгашлари

28. Ташкилотнинг Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар, туман (шаҳар) кенгашлари мазкур Устав доирасида иш олиб боради ва ўз фаолиятида Ўзбекистон мудофаасига кўмаклашувчи «Ватанпарвар» ташкилотининг Марказий кенгашига бўйсунади.

29. Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар, туман (шаҳар) кенгашларининг раҳбар органи Конференциядир.

30. Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар, туман (шаҳар) кенгашларининг навбатдаги Конференциялари камида беш йилда бир марта чақирилади. Конференцияни чақириш, унинг кун тартиби ва вакиллик меъёрлари ҳақидаги қарорни ташкилотнинг тегишли Йиғилиши қабул қилади. Конференция тегишли кенгаш раиси ва назорат-тафтиш комиссиясининг ҳисоботини тинглайди, ишларига баҳо беради ва қарорлар қабул қилади, ташкилотларнинг навбатдаги вазифаларини белгилайди, кенгаш раиси ва назорат-тафтиш комиссиясини ҳамда юқори турувчи конференцияга ва Ташкилот Конференциясига делегатлар сайлайди.

31. Ташкилотнинг Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар, Тошкент шаҳар ва туман (шаҳар) кенгашлари ҳудудда доимий фаолият юритувчи бошқарув тузилма ҳисобланади ва конференциялар оралиғидаги даврда тегишли ташкилотларнинг барча ишларига раҳбарлик қилади. Ташкилотнинг Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар, туман (шаҳар) кенгашлари Йиғилиши йилига камида бир марта чақирилади.

32. Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар, туман (шаҳар) кенгашларининг Йиғилиши Конференциялар оралиғидаги фаолиятга раҳбарлик қилади ва қуйидагилар унинг ваколатига киради:

- Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар, туман (шаҳар) кенгашлари йиллик ҳисоботини тинглайди ва ишига баҳо беради, улар бўйича қарорлар қабул қилади;

- кенгашлар фаолияти билан боғлиқ ташкилий масалаларни шу жумладан, ўз таркибига ташкилотда ишлаётган ходимлар, давлат, жамоат ташкилотлари вакилларини киритиш ёки чиқариш масалаларини кўриб чиқади ва тегишли қарорлар қабул қилади.

33. Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳамда туман (шаҳар) кенгашлари Йиғилишлар оралиғидаги кундалик ишларга раҳбарлик қилиш учун ўз таркибидан раис, унинг ўринбосарлари ва аъзоларидан иборат Раёсат сайлайди ҳамда унинг аъзолари сонини ва ваколатини белгилайди.

34. Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳамда туман (шаҳар) кенгашлари Раёсатларининг йиғилишлари ҳар чоракда камида бир марта ўтказилади. Раёсатнинг қарорлари кўпчилик овоз билан қабул қилинади.

35. Ташкилий-ижро тарзидаги жорий ишлар бўйича тезкор қарорлар қабул қилиш мақсадида Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар кенгашлари Раёсатлари ўз таркибидан ҳайъат сайлайди.

36. Ташкилотнинг Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар, Тошкент шаҳар кенгашлари қуйидаги вазифаларни хал қилади:

- ўз ҳудудидаги барча давлат идоралари ва жамоат бирлашмаларида ўз манфаатларини ифодаловчи вакили бўлади;

- минтақадаги туман (шаҳар) ташкилотлари фаолиятларини мувофиқлаштиради ва йўналтиради, уларнинг ишини таҳлил қилади ҳамда амалий ёрдам беради, ўз ваколатидаги ходимларни танлаш ва жой-жойига қўйишни амалга оширади;

- спортнинг техник ва амалий турларини ривожлантириш ишларини ташкил этади;

- ташкилот ўқув муассасаларида Мудофаа вазирлигининг буюртмаси бўйича Қуролли Кучлар учун ҳарбий техник мутахассисларни тайёрлашни ташкил этади;

- қонунларда белгиланган тартибда тадбиркорлик тузилмаларини очиш, қайта ташкил этиш ва уларнинг фаолиятини тўхтатиш;

- Марказий кенгаш томонидан тасдиқланган ҳужжатлар асосида ўзининг молия-хўжалик фаолиятини мустақил равишда олиб боради;

- Марказий кенгашга туман кенгашларининг тузилмаси, ходимлар штат жадвали ва кенгаш ходимларини сақлаш учун сарфланадиган харажатлар сметаси, молиявий режалари, шунингдек, бухгалтерия йиллик ҳисоботини киритади. Тасдиқланган режалар ва сметаларнинг бажарилишини назорат қилади;

- Марказий кенгаш томонидан тасдиқланган ҳужжатларга мувофиқ, туман кенгашлари, ўқув ва таълим муассасалари, ўқув спорт-техника клублари ва спорт ташкилотлари, маънавият масканлари ва ташкилотнинг хўжалик ҳисобидаги бошқа ташкилотларини тузади (тугатади) ва унинг фаолиятига раҳбарлик қилади;

- молиявий имкониятдан келиб чиқиб, бир неча туманлар эҳтиёжини қондириш мақсадида, бирлашган кенгашлар, таълим муассасалари, ўқув спорт техника клублари, спорт ташкилотлари ва филиалларини тузиши (тугатиши) мумкин;

- Марказий кенгаш томонидан тасдиқланган ҳужжатларга мувофиқ, ўқув муассасалари ва ўқув спорт-техника муассасаларининг моддий-техник негизини яратиш ва мустаҳкамлаш, моддий-техник ашёларни олиш, харид қилиш, ҳисоб-китобини жорий этиш, қийматини тўлаш, фойдаланиш, сақлаш ва яроқсизларини ҳисобдан чиқариш ишларини ташкил этади;

- кенгаш Конференцияси, Йиғилишлари, Раёсат ва Раёсат ҳайъати йиғилишларида муҳокама қилинадиган масалалар бўйича қарорлар лойиҳаларини тайёрлайди, ижросини ташкил этади;

- ташкилотнинг мақсадларини тарғиб қилади, ҳарбий- ватанпарварлик тарбиясини мафаатдор давлат ва жамоат ташкилотлари билан хамкорликда олиб боради.

37. «Ватанпарвар» ташкилотининг туман (шаҳар) кенгашлари қуйидаги масалаларни ҳал қилади:

- ҳудудда жойлашган барча давлат идоралари ва жамоат бирлашмаларида ўз манфаатларини ифодаловчи вакили бўлади.

- бошланғич ташкилотлар рўйхатини олиб боради, уларнинг фаолиятини мувофиқлаштиради ва йўналтиради, амалий ёрдам кўрсатади;

- тегишли туман (шаҳар) ҳудуди доирасида оммавий-ватанпарварлик тадбирларини амалга ошириш, ҳамда спортнинг техник ва амалий турларини ривожлантириш ишларини ташкил этади;

- Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар кенгашлари томонидан тасдиқланган ҳужжатларга мувофиқ ўз ҳудудида алоҳида юридик мақомга эга бўлган хўжалик субъектларини белгиланган тартибда ташкил этади (тугатади);

- кенгаш тасарруфидаги ташкилотларнинг молиявий режаларини тузади;

- тасарруфидаги ўқув спорт-техника клублари ва хўжалик фаолиятидаги ташкилотлар негизида автотранспорт воситалари ҳайдовчиларини тайёрлайди (қайта тайёрлайди) ва бошқа турдаги оммавий касбдаги ходимларни, спорт мураббийлари ва ҳакамларини ҳамда тўгарак раҳбарларини тайёрлайди;

- «Ватанпарвар» ташкилоти аъзолари ўртасида ташкилотнинг асосий мақсадларини тарғиб қилади, ҳарбий-ватанпарварлик тарбиясини амалга оширади.

38. Туман (шаҳар) кенгашлари қуйи бошкарув тизими ҳисобланади ва Ташкилотнинг минтақавий кенгашларига бўйсунади.

V. Бошланғич ташкилотлар

  39. Тизимдаги ташкилотларда 5 нафардан ортиқ бўлган ташкилот аъзоларидан иборат бошланғич ташкилотлари тузилади. Камида беш нафар фуқаронинг ташаббусига кўра фуқароларнинг иш жойларида, ўқиш ёки яшаш жойларида ташкилотнинг бошланғич ташкилотлари тузилиши мумкин.

40. Бошланғич ташкилот тузиш ҳақидаги қарор таъсис мажлисида қабул қилинади ва «Ватанпарвар» ташкилотининг тегишли туман кенгаши бошланғич ташкилотлар рўйхатини юритиб боради.

41. Бошланғич ташкилотлар қуйидаги вазифаларни бажаради:

  - ташкилот аъзолари ўртасида мазкур Уставда белгиланган мақсад ва вазифаларни тарғиб қилади;

  - ташкилот аъзолари, ёшлар ва кенг жамоатчилик иштирокида турли мавзуларда оммавий, ҳарбий-ватанпарварлик, маънавий-маърифий тадбирлар, спортнинг техник ва амалий турлари бўйича оммавий мусобақалар ташкил этади ва ўтказади;

  - тегишли минтақавий кенгаш конференциясига делегат сайлайди.

42. Бошланғич ташкилотни тарқатиб юбориш ҳақидаги қарор мазкур ташкилотнинг умумий мажлиси томонидан қабул қилинади, аммо, унинг фаолияти аслида тўхтаб қолган бўлса ёки унинг фаолияти мазкур Уставга зид келса, ташкилотни тарқатиб юбориш тўғрисидаги қарор юқори турувчи кенгаш томонидан ёки қонунда белгиланган тартибда қабул қилинади.


VI. Ташкилотнинг аъзолари, уларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари

43. Ўзбекистон мудофасига кўмаклашувчи «Ватанпарвар» ташкилоти Уставини тан олувчи, Ўзбекистон Республикасининг 18 ёшга етган ва аъзолик бадалларини мунтазам тўлаб турувчи фуқаролари ташкилотга ихтиёрий равишда аъзо бўлишлари мумкин.

44. Ташкилот аъзолигига қабул қилиш номзоднинг ёзма аризасига биноан амалга оширилади.

45. Ташкилот аъзолари қуйидаги миқдорда аъзолик бадалларини тўлайдилар:

- аъзо бўлиб кириш бадали-энг кам иш ҳақининг бир фоизи ва аъзолик гувоҳномасининг нархи миқдорида;

- йиллик бадал- энг кам иш ҳақининг бир фоизи миқдорида.

46. Бошланғич ташкилотлар умумий мажлиснинг қарори билан аъзолик бадаллари миқдорини мустақил равишда белгилашлари мумкин. Лекин, бу миқдор мазкур Уставда кўзда тутилганидан кам бўлмаслиги керак.

47. Бадаллар Уставда белгиланган мақсад ва вазифаларни бажаришга йўналтирилади.

48. Ташкилот аъзоларининг ҳуқуқлари:

- ташкилотнинг раҳбар органларига номзод кўрсатиш, сайлаш ва сайланиш;

- ташкилотнинг мажлисларида, конференцияларида, кенгашларида ва матбуотда унинг амалий фаолиятига тааллуқли барча масалаларни муҳокама қилиш, ўз таклифларини киритиш;

- Ташкилотнинг ҳамма аъзолари тенг ҳуқуқлидирлар.

49. Ташкилот аъзоларининг мажбуриятлари:

- мазкур Устав талабларини бажариш, ташкилот ишида фаол иштирок этиш;

- ташкилотнинг обрўси ҳақида жон куйдириш ва унинг мақсадларини тарғиб қилиш;

- ўзини доимо Ватанни ҳимоя қилишга тайёрлаш, мудофаа асосларини ўрганиш, техник билим ва кўникмаларини такомиллаштириш;

- маънавий-ахлоқий етук бўлиш ва ватанпарвар инсон шаънига путур етказадиган ҳаракатларга йўл қўймаслик;

- Ташкилотнинг оммавий, ҳарбий-ватанпарварлик ишларини янада яхшилаш бўйича ташаббус кўрсатиш.

50. “Ватанпарвар” ташкилоти аъзолигидан чиқариш қуйидаги ҳолатларда амалга оширилади:

- ихтиёрийлик асосида аъзонинг бошланғич ташкилот сафидан чиқиш юзасидан ёзма мурожаатига кўра;

- аъзо томонидан ташкилот Устави ва кенгашларнинг қарорлари бажарилмаганда;

- бошланғич ташкилотларнинг йиғилишлари, мажлислари ва бошқа тадбирларида қатнашмаганда;

- аъзо томонидан ташкилот билан алоқа узилганда;

- аъзолик бадалларининг узрли сабабсиз тўланмаганда;

- аъзо томонидан “Ватанпарвар” ташкилоти номига доғ туширувчи ҳатти-ҳаракатлар содир этилганда.

VII. Ташкилотда сайловлар тизими

51. Марказий ва минтақавий кенгашлар раислари ва уларнинг ўринбосарлари, туман, шаҳар кенгашлари ва бошланғич ташкилотлар раислари лавозимлари сайланувчи лавозимларга киради.

52. Ташкилотнинг сайланувчи лавозимларига кирмаган раҳбар ва бошқа ходимларни лавозимларга тайинлаш ва озод қилиш, мехнат қонунчилиги асосида ҳамда Марказий кенгаш томонидан тасдиқланган меъёрий хужжатлар асосида, ўрнатилган тартибда амалга оширилади.

53. «Ватанпарвар» ташкилоти кенгашларида раҳбар органларни сайлаш умумий мажлислар, Йиғилишлар, Конференциялар ва ташкилот Конференциясида амалга оширилади. Иштирокчилар кўпчилигининг фикрига қараб, сайловлар очиқ овоз бериш ёки ёпиқ (яширин) овоз бериш йўли билан ўтказилиши мумкин.

54. Сайловлар демократик тамойиллар асосида ўтказилади. Умумий мажлис, Йиғилиш ёки Конференция қарорига кўра овоз бериш ҳар бир номзод бўйича ёки рўйхат бўйича ўтказилиши мумкин. Умумий мажлис, Йиғилиш ёки Конференция иштирокчиларининг ярмидан кўпи номзодни ёқлаб овоз берган тақдирда, у сайланган ҳисобланади.

55. Ташкилотнинг сайлаб қўйиладиган раҳбарий тузилмалар аъзолари ўз фаолиятлари билан уларга нисбатан билдирилган юксак ишончни оқлашлари лозим.

56. Агар улар ўз вазифаларини бажармаса ёки алоқани узган бўлса, тегишли кенгаш таркибидан муддатидан илгари чиқарилиши мумкин. Таркибдан чиқариш ҳақидаги масала тегишли кенгаш Йиғилишида, бошланғич ташкилотларда эса умумий мажлисида очиқ овоз бериш йўли билан ҳал қилинади. Агар умумий мажлис ёки йиғилиш иштирокчиларининг ярмидан кўпи қарорни ёқлаб овоз берса, қарор қабул қилинган ҳисобланади.

57. Ташкилотнинг барча сайлаб қўйиладиган ва тайинланадиган раҳбарларининг хизмат вазифалари Марказий кенгаш Раёсати ёки Раёсат ҳайъати томонидан тасдиқланадиган ҳужжатларда акс эттирилади.

58. Ташкилотнинг раҳбар органи йиғилишида унда иштирокчиларнинг учдан икки қисми иштирок этган тақдирда қарор қабул қилишга ваколатли ҳисобланади.

VIII. Назорат-тафтиш комиссиялари

59. Ташкилотнинг Устав доирасидаги фаолиятини назорат қилиш учун туман-шаҳар ва минтақавий кенгашлар ҳамда ташкилот Конференциялари қарорлари билан 3-7 кишидан иборат таркибда назорат-тафтиш комиссиялари тузилади.

60. Назорат-тафтиш комиссияси ўз фаолияти ҳақида тегишли Конференция олдида ҳисобот беради ва «Ватанпарвар» ташкилотининг тегишли кенгашлари раҳбарлигида фаолият кўрсатади.

61. Назорат-тафтиш комиссияси ташкилотнинг тегишли кенгаши ҳамда унга бевосита бўйсунувчи корхоналар ҳамда ташкилотларнинг молиявий-хўжалик фаолиятини, «Ватанпарвар» тизимида тафтиш ўтказиш бўйича амалга киритилган қоида ва йўриқномаларда кўзда тутилган тартибда ва ҳажмда беш йилда камида бир марта тафтиш қилади. Ариза, шикоят ва таклифларни кўриб чиқиш ва ҳал қилиш муддатларини, ечимининг тўғрилигини ҳамда мурожаат билан ташриф буюрувчиларни қабул қилиш қай даражада ташкил этилганини текширади.

62. Назорат-тафтиш комиссиялари тафтиш натижалари ва камчиликларни бартараф этиш бўйича амалий таклифларни тафтиш этилган ташкилотнинг юқори турувчи идоравий тузилмасига тақдим этади. Тафтиш якунлари бўйича бир ой муддатда тегишли қарор қабул қилиниши шарт.

IX. Ташкилотнинг мол-мулки ва пул маблағларини шакллантириш манбалари

63. Ташкилот ўз аъзоларининг манфаатларини ҳисобга олган ҳолда мазкур Уставда кўзда тутилган вазифаларни амалга ошириш учун бинолар, иншоотлар, турар-жой, спорт соғломлаштириш масканларига, ўқув-тарбия ва иш жараёнининг самарадорлигини оширишга хизмат этувчи автоулов, жиҳоз ва қурилмаларга, пул маблағлари, турли қимматли қоғозларга ва бошқа мулкка эга бўлиши мумкин. Корхоналар, хўжалик ташкилотлари, нашриёт ва босмахоналар, ўқув, спорт иншоотлари, «Ватанпарвар» саройлари, лойиҳа-технологик ва бошқа ташкилотлар ҳам унинг мулки бўлиши мумкин.

64. Ташкилотнинг мулки ягона ва бўлинмасдир. Унга эгалик қилиш, сотиш, сотиб олиш, фойдаланиш ва тасарруф этиш тартиби Марказий кенгаш томонидан белгиланади.

65. “Ватанпарвар” ташкилоти тизимидаги ҳар бир ташкилот ўзининг Марказий кенгаши тимсолида, амалдаги қонунларга мувофиқ, ташкилотнинг маблағлари, барча турдаги фаолиятларидан олинадиган тушум, ташкилот аъзоларининг кириш ва аъзолик бадаллари, давлат ва жамоат ташкилотларидан, шунингдек, чет эл сармоядорларидан тушган ҳамда фуқаролар томонидан ихтиёрий равишда ҳадя этилган маблағлар ҳисобига яратилган мулкнинг тегишли қисмига эгалик қилиш, фойдаланиш ва тасарруф этиш ҳуқуқига эга.

66. Мустақил балансга эга бўлмаган туман (шаҳар) кенгашлари, корхона ва ташкилотлар, тадбиркорлик тузилмалари пул-ҳисоб муомаласини ўзларини ташкил этган юридик шахслар баланси орқали амалга оширадилар.

67. Ташкилот маблағлари мазкур Уставнинг тегишли бандларида белгиланган кириш ва аъзолик бадаллари, қонунларда ман этилмаган тадбиркорлик фаолияти ва тадбирларни ташкил этиш эвазига тушган маблағлар, юридик ва жисмоний шахсларнинг ҳомийлик маблағлари ҳисобига шакллантирилади.

68. Ташкилотларнинг фаолиятидан олинадиган молиявий фойда ташкилот аъзолари ўртасида тақсимланиши мумкин эмас. Фойда Уставда кўзда тутилган вазифаларни бажариш учун сарфланади.

69. Ташкилот маблағлари белгиланган тартибда тасдиқланадиган молиявий режалар (сметалар) асосида оммавий-ватанпарварлик тадбирларига, бино ва иншоотлар қурилиш - таъмирлаш, уларни жиҳозлаш, зарур моддий-техник буюмларни сотиб олиш, улардан фойдаланиш ишларига, кенгашлар ва ташкилотлар ходимларини меҳнат ҳақлари билан таъминлашга, шунингдек, ташкилот ходимларининг ижтимоий, маиший шароитларини яхшилаш, ташкилот фаоллари ва ватанпарварлик тарбиясига улкан ҳисса қўшган турли соҳа ижодкорларини мукофотлаш ҳамда мазкур Устав мақсад ва вазифаларига ва қонун ҳужжатларида кўзда тутилган бошқа тадбирларга сарфланади.

70. Ташкилотни ривожлантиришнинг мақсадли дастурларини маблағ билан таъминлаш имкониятларини вужудга келтириш, мазкур маблағларни оқилона сарфлаш мақсадида тегишли кенгашларнинг қарорлари асосида махсус марказлаштирилган жамғармалар ва заҳиралар яратилиши мумкин. Дастурлар харажатлари сметасини кенгашлар тасдиқлайди.

71. Ташкилот турли давлат, жамоат ва нодавлат ташкилотлари томонидан ажратилган мулкка эга бўлиши мумкин. Мазкур мулкдан фойдаланиш, тасарруф этиш ва қайтариб олиш тартиби мулк эгалари билан келишилган тартибда тузилган шартномаларда белгиланади.

72. Ташкилот Марказий кенгаши мазкур мулкни тасарруф этиш, асраш, мазкур Устав ва шартномада белгиланган мақсадлар бўйича фойдаланилишини ташкил этишни ўз зиммасига олади ҳамда мулк эгалари олдида шартнома асосида ҳисобот беради.

73. Ташкилот таркибидан чиқиш, бўлиниш ёхуд ташкилотнинг ўзини тарқатиб юбориш вақтидаги мулкий ва молиявий муаммоларни тартибга солиш шартлари тегишли қонун ҳужжатлари асосида Марказий кенгаш томонидан белгиланади.

X. Ташкилотнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари

74. Ташкилот қуйидаги ҳуқуқларга эга:

- ўз аъзолари ва қатнашчиларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ифодалаш ҳамда ҳимоя қилиш;

- ижтимоий ҳаётнинг турли масалаларига доир ташаббуслар билан чиқиш, давлат ҳокимияти ва бошқарув органларига таклифлар киритиш;

- давлат ҳокимияти ва бошқарув органларининг қарорларини ишлаб чиқишда қонун ҳужжатларида назарда тутилган тартибда иштирок этиш;

- ўз фаолияти тўғрисида ахборот тарқатиш;

- оммавий ахборот воситаларини таъсис этиш ҳамда белгиланган тартибда ноширлик фаолиятини амалга ошириш;

- уставда белгиланган вазифаларни бажариш учун тадбиркорлик тузилмаларини ташкил этиш;

- ўз рамзий белгиларини таъсис этиш;

- ўз фаолиятига тааллуқли масалалар юзасидан йиғилишлар, конференциялар ўтказиш;

- қонун ҳужжатларига мувофиқ ваколатхоналар очиш ва филиаллар ташкил этиш;

- Ташкилот қонун ҳужжатларида назарда тутилган бошқа ҳуқуқларга ҳам эгадир.

75. Ташкилотнинг мажбуриятлари қуйидагилардан иборат:

- қонун ҳужжатларига риоя этиш;

- ўз мол-мулки ва пул маблағларидан фойдаланиш тўғрисидаги ахборот билан танишиш эркинлигини таъминлаш;

- ташкилотни рўйхатдан ўтказувчи органга ўзи ўтказаётган тадбирларга эркин кириш имконини бериш;

- рўйхатдан ўтказувчи, солиқ ва статистика органларига ўз фаолияти тўғрисида ҳисоботлар тақдим этиш;

- Ташкилот қонун ҳужжатларида назарда тутилган бошқа мажбуриятларга ҳам эгадир.

ХI. Ташкилотнинг қуролли кучлар билан ҳамкорлиги        

76. Ташкилот мамлакат тинчлиги ва хавфсизлиги манфаатларини таъминлашга кўмаклашиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари билан белгиланган тартибда ҳамкорлик қилади.

77. Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари учун ҳарбий-техник мутахассислар тайёрлаш, фуқароларни ҳарбий-ватанпарварлик рухида тарбиялаш «Умумий ҳарбий мажбурият ва ҳарбий хизмат тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикасининг Қонуни, Мудофаа вазирлиги ва Қуролли Кучлар бирлашган штабининг тегишли буйруқ ва директиваларига мувофиқ амалга оширилади.

78. Ташкилот Марказий кенгаши Мудофаа вазирлиги томонидан тасдиқланган режага асосан чақирилувчи ёшларни тизимдаги ўқув муассасаларда ҳарбий-техник мутахассисликлар бўйича ўқитишни ташкиллаштиради. Чақирилувчи ёшларни ҳарбий-техник мутахассисликлар бўйича тайёрлашни молиялаштириш Ўзбекистон Республикасининг «Умумий ҳарбий мажбурият ва ҳарбий хизмат тўғрисида»ги қонунида белгиланган тартибда амалга оширилади.

79. Ташкилот Марказий кенгаши раисининг сўровномасига асосан ҳарбий хизматчиларни тизимдаги сайланадиган ёки тайинланадиган лавозимларга ҳарбий хизматга олиш Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Миллий Хавфсизлик кенгаши котибияти билан келишилган ҳолда амалга оширилади. «Ватанпарвар» ташкилотига йўлланган ҳарбий хизматчиларга нисбатан, улар йўллангунга қадар эга бўлган барча турдаги таъминот, кафолат ва имтиёзлари сақланиб қолинади.

80. Ташкилот тизимига йўлланган ҳарбий хизматчилар унвонларини кўтариш уларга таътиллар бериш, заҳирага бўшатиш ёки нафақага

чиқариш Ўзбекистон Республикасининг "Умумий ҳарбий мажбурият ва ҳарбий хнзмат тўғрисида"ги конуни ва "Ўзбекистон Республикаси фуқароларинн харбий хизматми ўташ тўгрисида"ги Низомда белгиланган тартибда амалга оширилади.
81. Ташкилот Марказий кенгаши Куролли Кучларга ҳарбий-техник мутахассислар тайёрлаш учун ўқув-моддий негизни яратиш мақсадида Мудофаа вазирлиги томонидан ажратилган ҳарбий автомобил ва махсус техникалар, муҳандислик ва алоқа воситаларини тизимдаги ўкув муассасаларга етказади. улардан мақсадли фойдалднишии ташкиллаштиради.

XII. Ташкилот уставига ўзғаptиришjiари қўшималар киритиш тартиби

82. Ташкилот Уставига фақатгина Ташкилот Конференцияси қарори асосида ўзгартириш ва қўшимчалар кнритилиши мумкин.
83. Ташкилот Уставига ўзгартириш ва кўшимчалар киритилгандан сўнг, Ташкилотнинг таъсис ҳужжатлари Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигига белгиланган тартибда қайта рўйхатга олиш учун тақдим этилади.

XIII. Ташкилотнинг фаолиятини тугатиш тартиби

84. Ташкилотнинг фаолинги унинг Конференциями қарори ёки суд қарори билан тугатилиши мумкин. Ташкилотни тугатиш бўйича белгиланган тартибда тугатиш комиссияси тузилади.
85. Ташкилотнинг фаолияти тугатилган тақдирда, унинг мулки ва маблағлари давлат, юридик ва жисмоний шахслар билан қарздорликлар бўйича ҳисоб-китоб қилингандан сўнг қолган мол-мулк ташкилотнинг Устав мақсадлари йўлида ёки хайрия мақсадларида ишлатилади.

We use cookies to improve our website. Cookies used for the essential operation of this site have already been set. For more information visit our Cookie policy. I accept cookies from this site. Agree